№15, 29.03.2012 ОГОҲЛИК!
СЎНГГИ ПУШАЙМОН
Лоқайд инсонлар кўпинча ўзига-ўзи душманлик қилганини билмай қолишади. Охир-оқибат бошига бирор бир кулфат тушгач, пушаймон бўлади. Яқинда содир этилган тан жароҳати етказиш ҳодисаси мисолида бунга яна бир бор амин бўламиз.
Ёмғир ёғаётганлигига қарамай, турмушнинг ташвишлари билан уйига қайтаётган Алишер ва Жасур Пойтуғ шаҳридаги темир йўл ёқасида ёрдам сўраб, оғриқ азобидан инграб ётган Равшан исмли шахсни кўриб, уни зудлик билан Избоскан тумани шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб боришди. Шифохонада Равшаннинг орқа кўкрак қафасига ўткир тиғли нарса билан жароҳат етказилганлиги сабабли қон кетиши тўхтатилиб, жарроҳлик операцияси ўтказилди. Шу вақт мобайнида Андижон темир йўл бекатидаги тармоқ Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига бу ҳақда хабар келиб тушди. Хабарни олган Андижон тармоқ ИИБ тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб бориб, жиноятни "иссиқ изи"дан очишга киришди.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида Равшанга нисбатан оғир тан жароҳати етказиб, ёрдамга муҳтож бўлган жабрланувчига ёрдам кўрсатиш ўрнига қочишни лозим кўрган қўшниси Анвар қўлга олинди. Алишер ва Жасур томонидан кўрсатилган ёрдам ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан Равшаннинг ҳаёти сақлаб қолинди. Мазкур ҳолат юзасидан Анварга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Айбланувчи Анвар ўз кўрсатмаларида бу ҳодисадан қўрқиб, ўзини йўқотиб қўйганлигини, шу сабабдан жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан қочиб кетганлигини, айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб ўтди. Энди у қилмишига яраша жазосини олади.
Азиз ҳамюртлар! Бу каби кўнгилсиз воқеалар бўлмаслиги учун доимо огоҳ ва ҳушёр бўлайлик.
Нуриддин НЕЪМАТОВ,
Андижон темир йўл бекатидаги
ТИИБ ТБ терговчиси, лейтенант.
|