№27, 21.06.2012 "БОЛАЖОН" ШИРГУРУЧИ
Керакли масаллиқлар: Бир донадан олма, киви, банан, нок, апельсин, 200 гр. ёғли сут, 150 гр. гуруч, 100 гр. сариёғ, икки ош қошиқда шакар, ярим чой қошиқда туз.
Тайёрланиши: Меваларни майда тўртбурчак қилиб тўғрайсиз. Гуручни яхшилаб ювасиз ва қозонга сув қуйиб ўртача оловда пиширасиз. Суви тортилгач, сут қуясиз ва бир маромда аралаштириб, қайнатишда давом этасиз. Туз ва шакар солиб, оловни пасайтирасиз. Сут ҳам тортилишга озроқ қолганда тўғралган меваларни солиб, оҳиста аралаштирасиз ва 5 дақиқа давомида қозон устини ёпиб қўясиз.
Тайёр бўлган таомни ликопларга солиб, таом четига олма ва кивидан тилимлаб, безак берасиз ҳамда устига сариёғ қуйиб, дастурхонга тортасиз.
"АРИ УЯСИ" ШИРИНЛИГИ
Керакли масаллиқлар: 3 пиёла ун, 100 гр. маргарин, 250 гр. қаймоқ, 1 чой қошиқдан сода ва олма сиркаси, 250 гр. қуюлтирилган сут (варёний), 300 гр.дан майиз ва ёнғоқ мағзи.
Тайёрланиши: Унга маргаринни булаб, қирғичдан ўтказасиз. Олма сиркани сода билан аралаштириб, қаймоққа соласиз ва яна яхшилаб аралаштирасиз. Аралашмани унга солиб, хамир қорасиз. 10 дақиқа тинган хамирни иккига бўлиб, ўқлов ёрдамида 0,5 см. қалинликда ёясиз. Сўнг хамир четларига бир қатордан майиз ва ёнғоқ мағзидан териб чиқасиз ва ўрама сингари ўрайсиз. Найчасимон шакл ҳосил бўлгач, пичоқ билан кесиб, ёғ суртилган газ патнисига қўясиз. Қолган хамирлардан ҳам худди шундай ўрамалар тайёрлайсиз.
Ўрамаларни 180 даража иссиқликда бўлган духовкада 30 дақиқа давомида пишириб оласиз. Бироз совутасиз ва қуюлтирилган сутдан устига суртиб чиқасиз. Ёнғоқ мағзини қирғичдан ўтказиб, ширинлик устига оҳиста сепасиз.
"Таомнома" китоби асосида ГУЛИ тайёрлади.
|