№51, 06.12.2012 ЯХШИ НИЯТ - УЛУҒ НЕЪМАТДИР
"Ният" сўзи араб тилидан келиб чиққан бўлиб, луғавий маъноси "кўнгил истаги" деган маънони англатади. Ҳар бир жонзотнинг ўзига хос мақсадлари бўлади, яшаш учун ҳаракат қилади.
Инсон зоти ҳам ҳаётда ўзидан яхши ном, одамлар ҳавас киладиган авлод қолдириш, уларни едириб-ичириш, тарбиялаш мақсадида яшайди. Шунинг учун ҳам мақсад фақатгина дунёвий амаллардандир, десак асло хато қилмаган бўламиз. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар қандай инсон чин қалби билан бирор ишни бажаришни мақсад қилиб уйидан чиқиб кетса, албатта, мақсадига яраша ишни бажариб келади. Бунга ишора қилиб Қуръони каримнинг Худ сураси 15-оятида: "Ҳар ким нимани хоҳласа ўшанга етадилар, лекин охиратда уларга ҳеч қандай насиба бўлмайди" дея хабар берилади. Бу тартиб инсонлар яхши ниятларига мувофиқ яшашлари айнан шу мақсаднинг маҳсулидир. Лекин ниятга келсак, бу илоҳий неъмат бўлиб, таъсирчанлиги билан мақсаддан кескин фарқ қилади. Аниқроқ қилиб айтганда, бу олий неъмат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан суюкли бандаларига берилган имтиёздир.
Ният худди мақсадга ўхшаб чин дил билан тасдиқланиб қилинса, шубҳасиз, мақсади амалга ошади. Шунинг учун ҳам мўъмин мусулмонларнинг намоз ўқишдан олдин чин қалблари билан тасдиқ этиб, ният қилишлари бежиз эмас. Яхши ниятли киши мақсадига эришади, ниятимиз яхши бўлса, фаришталар бизга кўмакдош бўлади. Хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг муборак ҳадисларидан бирида: "Ҳар қандай амал "ният" билан мукаммалдир" дейилса, яна бир ҳадисда "Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир"дейилади. Бундан кўриниб турибдики, ҳар қандай амал яхши ният билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз бежиз "Яхши ният, ярим мол" деб айтмаганлар. Бунга мисол қилиб, қуйидаги ривоятни айтиб ўтиш ўринли: қадимда бир безори, бадхулқ одам бўлиб тирикчилиги фақатгина ўғирлик билан ўтар экан. Бу одам Аллоҳнинг иродаси билан ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб бу одатини ташлашни мақсад қилибди-ю лекин ҳеч қачон уддасидан чиқа олмабди. Раҳмли Аллоҳ бу бандасини хулқи, қилмиши ёмон бўлса-да, нияти пок бўлиб, ўз қилмишидан пушаймон бўлганлиги учун унинг дилига рўза ойида рўза тутишни буюрибди. Бу иши рўза тутишни ният қилиб, рўза ойида ўғирлик, ёмонлик қилмабди. Лекин афсуски, рўза ойи тугагач, яна ўғирлик ва ёмонлик қилишни бошлабди. Қилмишларидан нафратланган бу одам: нега энди мен бир ой рўза ичида ёмонлик ва ўғирлик қилмадим-у, рўза тугаши билан яна бошладим, деб обдон ўйланиб кўрса, рўза тутган кунлари ҳар куни рўза тутишни "ният" қилганлиги учун шайтон йўлдан оздирмаганлигини тушуниб етибди. Дарҳол, "Фотиҳа" ва "Ихлос" сурасини ўқиб, "Ёмон одатларини ташлашни ният қилдим. Аллоҳим ўзинг менга сабр-тоқат бергин" дея дуо қилибди. Бу дуолари ижобат бўлиб, бутунлай ёмон одатларини ташлаб, тўғри йўлга кирибди.
Хулоса шуки, Аллоҳдан сабр-тоқат тилаб дуо қилсак, шубҳасиз, бу иллатлардан қутиламиз. Демак, ниятимизни чин қалбимиз билан тасдиқ этиб, Аллоҳдан астойдил сўраб ният қилсак, Яратган ниятларимизни ижобат қилгувчидир.
Аллоҳ таоло барчаларимизга эзгу ниятли, хушхулқ бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Раҳматулло УМАРОВ,
Андижон шаҳридаги
"Жиддаи Муборак" жомъе масжиди имоми
Ҳақназар АБДУРАҲМОНОВ.
|