№16, 17.04.2014 "ЗЕБРА" ПИРОГИ
Керакли масаллиқлар: 5 дона тухум, 250 гр. ун, 360 гр. шакар, 200 гр. сметана, 100 гр. сариёғ, 50 гр. майдаланган ёнғоқ мағзи, бир чой қошиқда кабартма тузи, 2 ош қошиқ какао, биттадан оқ ва қора плиткали шоколад.
Тайёрланиши: Тухумни миксерда кўпиртиришда 180 гр. шакарни оз-оздан соласиз. Қолган шакарни уй ҳароратида юмшаган сариёғ билан қошиқ ёрдамида аралаштирасиз ва тухум аралашмасига қўшиб, миксерда яна кўпиртирасиз. Сметанага кабартма тузини солиб, қошиқда яхшилаб аралаштиринг ва уни ҳам тухум аралашмасига соласиз. Массани бироз кўпиртирасиз. Ва ун солиб, ишни давом эттирасиз. Суюқ хамир ҳосил бўлади. Уни икки идишга қўйиб, бирига какао солиб, аралаштиринг. Сўнг махсус қолипга бир ош қошиқдан аввал оқ хамир, устидан какаоли хамирдан солиб чиқасиз.
Духофкага солиб, 45 - 50 дақиқа давомида пиширасиз. Пирог пишгач, бироз совутасиз кейин устига қошиқ ёрдамида эритилган оқ шоколадни суртиб чиқасиз, устидан ёнғоқ мағзини сепасиз. Сўнгида эса қора шоколадни эритиб, шприц ёрдамида пирог устини безайсиз. Тайёр бўлган пирогни кесиб, ликопларга соласиз.
|