Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№38, 18.09.2014

Ёлғончилик - гуноҳларнинг боши

Аллоҳ таоло инсонларни ростгўйликка буюрган. Зеро, ёлғончилик барча разолатларнинг бошидир. Ёлғон ишлатилган жойда ишонч, барака йўқолади.

Қуръони Каримда: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди", дейилган (Ахзоб сураси, 70-71-оят). Доимо Аллоҳга тақво қилиш ва тўғрисўз бўлиш кишини яхшиликларга эриштириши муқаррар эканинини ушбу оятдан билиб оламиз.

Луқмони Ҳакимдан сўралди: "Сизни шу олий даражага нима етказди?", у айтди: "Тўғри сўз, омонатни адо қилиш ва кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиш".

Расулуллоҳ (с.а.в.) ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаб, "Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас", деганлар. Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан "Ё Расулуллоҳ! Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми? - деб сўрашди. У киши "Ҳа", - деб жавоб бердилар. Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми? - деб сўрашди. У киши "Ҳа", - деб жавоб бердилар. Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми? деб сўралганида "Йўқ", - деб жавоб бердилар (Имом Молик ривояти).

Аллоҳ таоло мўминларни тўғрисўзликка чақириб шундай дейди: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!" (Тавба сураси, 119-оят). Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ таоло бизни рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга ва айтган сўзлари ва амалларида рост бўлган инсонлар билан бирга бўлишга буюради. Ёлғончилик, ваъдага вафосизлик хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Бир ёлғон иккинчи ёлғонни келтириб чиқаради. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини ёдда тутмоғимиз керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бу ҳақда шундай дейдилар: "Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга (жаннат) етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ҳам ўз соҳибини) ёмонлик сари етаколиб боради. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доим ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади".

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ғофир сураси 28-оятида шундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас". Бошқа оятда эса "Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, кейин қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз" (Ҳужурот сураси, 6-оят) дейилган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) "Банданинг қалби мустаҳкам, тўғри бўлмагунича имони мустаҳкам бўлмайди, тили мустаҳкам бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди", - деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: "Ёлғончилик уч нарсада дуруст бўлади: урушда, чунки уруш алдашликдир, икки кишининг орасини ислоҳ қилишда, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилишда".

Баъзи тобеъинлардан ривоят қилинди: "Билингки, тўғрилик авлиёларнинг зийнатидир, албатта, ёлғончилик бадбахтларнинг аломатидандир". Дарҳақиқат, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб деганлар: "Ростгўй ва ишончли тижорат соҳиби жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади". Зотан тадбиркорлар, ишбилармонлар ва тижорат аҳли кишилар билан энг кўп муомалада бўладиган тоифа ҳисобланадилар. Улар ўз муомалаларида ёлғон сўзлаш, нотўғри гувоҳлик беришдан ўзларини сақламоғи керак. Зеро, ёлғон гапириш гуноҳи кабирадир.

Аллоҳ таоло барчамизни ростгўйликда, тўғриликда со-битқадам қилсин, ёлғон гапиришдан ва ёлғон гувоҳлик беришдан сақласин, ҳар доим сўзимиз билан амалимиз бир бўлишлигини насиб этсин.

Муҳаммадюсуф

ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имоми.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги "Оқгўр" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди