№39, 25.09.2014 Мулоҳаза
ИПСИЗ БОҒЛАНИБ ҚОЛМАНГ!
Биз бугун техника ҳар томонлама тараққий этган замонда яшаётирмиз. Эндиликда уйингизда ўтирганча неча минглаб чақирим олисда содир бўлаётган воқеаларни бемалол томоша қилишингиз мумкин. Тараққиёт шундай имконни яратди. Чўнтакнинг бир четидан жой эгаллайдиган қўл телефони ҳам бевосита ана шу тараққиёт маҳсули. Ҳозир у ҳаётимизга шунчалар чуқур кириб бордики, усиз бир лаҳзани ҳам тасаввур қилолмайдиган ҳолга келдик. Телефонини йўқотиб қўйган одамнинг аҳволини кўрсангиз... ўзини қўярга жой тополмайди. Тўғри-да, олисни яқин қилувчи бу матоҳсиз иш битарканми, дейсизми? Эътироз билдиришга шошманг, азизим. Телефон билан доим ҳам иш битавермайди. Назаримда, телефон одамларнинг узоқ манзилини яқинлаштириш билан бирга, унга зимдан зиён ҳам келтиряпти. Мана, масалан, сизга кимдир керак. У шунчалар зарурки, маълум дақиқалар ичида уни кўришингиз керак, чунки битадиган юмушингиз бўлади. Ёинки, танишингиз билан учрашишингиз керак. Унга қўнғироқ қиласиз. Нариги томондаги овоз беш дақиқада ёнингизда бўлишини айтади. Аммо беш дақиқадан бир нечтаси ўтиб кетса ҳам ундан дарак бўлмайди.
Жамоат транспортида кетяпсиз. Ногоҳ кимнингдир телефони жиринглайди. У телефонни шошилмай олади-да, узоқ ҳол-аҳвол сўрайди. То машинадан тушгунча салонда нечта одам бўлса, шанғиллаган овоздаги савол-жавобдан тинка-мадори қурийди. Бирорта одам ҳой биродар, машинадан тушганда гаплашинг, деган калимани айтолмайди.
Мана шундай қилиб, сиз оромижон деб ўйлаган нарса сизнинг асабингизни бузади. Тиббиёт ходимларининг айтишига кўра, одам асаби бузилганида унинг қанчалаб асаб томирлари шикастланар, кейин умуман, қайта тикланмас экан. Яна телефондан тарқаладиган нурлар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатар экан. Биз эса, мактабдаги ўғил ёки қизимизга ҳам телефон олиб берганмиз. Баҳонамиз уни назорат қилиб туриш. Бироқ унинг кичкинагина чип дея аталган матоҳида нималар борлиги фақат боламизгагина аён. Борингки, у оддийгина аппарат бўлганда ҳам, болани дарсдан чалғитади - ўқувчининг фикри-ёди ўшанда бўлади.
Баъзан телефон туфайли оилада ишончсизлик юзага келади. Ахир турмуш ўртоғингиздан ҳозиргина ким билан гаплашганини сўраб ҳадеб тергайвермайсиз-ку! Тома-тома кўл бўлиб, орага ўринсиз рашк тушади.
Бир ҳафтада ўз назарингизда ўртача ҳисобланган маблағни телефонга сарф қилганингизда ҳам йил давомида анча-мунча пулингиз совурилиб кетади.
Яна кимдир эса кутилмаганда сизга адашиб тушиб қолади. Яна асаббузарлик! Кўрдингизми, сиз роҳатижон деб ўйлаган нарса жон ва мол офати бўлиб чиқмоқда. Тўғри, бу билан телефондан бутунлай воз кечинг, демоқчи эмасмиз. Фақат меъёр билан ишлатинг, унга ипсиз боғланиб қолманг!
Икромжон АСЛИЙ.
|