№42, 16.10.2014 ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ
Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонларимизнинг тўкинлиги Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди. Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш ҳар бир банда учун улкан саодатдир.
Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони Каримда сизу биз, яъни бандаларига қарата шундай хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ("Моида" сураси, 2-оят). Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, Яратганнинг суюкли бандаларидан бўламиз, ҳаётимиз эса янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.
Дунёда бандани савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш каби хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлар, шу билан бирга, савобли амаллардандир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади", деганлар.
Яна бир ҳадисда эса "Яхшиликка далолат қилувчи яхшилик қилган кабидир" дейилади. Бундан кўринадики, яхшилик қилишга ундаш, уни амалга оширишга йўл кўрсатиш ҳам савобли иш саналади, уларнинг барчаси бир ҳил савобга эга бўлади. Қолаверса, яхшилик қилиш, эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш гўзал инсоний фазилатлардандир.
Ибн Самъон Ансорий (р.а.)- дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир" дедилар".
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: "Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ чеҳра билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилади.
Эзгуликларнинг энг улуғи ота-онага яхшилик қилишдир. Аллоҳ таоло: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этади. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга "уфф" дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!" деган ("Исро" сураси, 23-оят). Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир.
Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурайдадан шундай ривоят келтирилади: "Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар (с.а.в.)дан: "Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?" деб сўрабди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): "Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ", деган эканлар".
Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди деганларидек, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам, тинч ва осойишта бўлади, янада юксалади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.
Муҳтарам юртбошимизнинг "Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим", деган сўзларини ўзимизга шиор билиб, доимо яхши амалларни бажаришликни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин.
Ҳожиакбар ЯХЁЕВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.
Санъатбек ТУРСУНОВ,
Олтинкўл туманидаги "Уйшин" жомеъ масжиди имоми.
|