№44, 30.10.2014 ИНСОН - АЗИЗ ВА МУКАРРАМ ЗОТ
Инсон ўз жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик зарра бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни азиз ва мукаррам зот қилиб яратди.
Қуръони Каримда: "Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик" (Исро сураси, 70-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадиси муборакларида мўмин кишининг сифати ҳақида шундай деганлар: "Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир".
Адолатли кўрсатмалари билан устивор бўлган Ислом дини ва таълимоти нафақат комил, эзгу қалбларни, балки каттаю кичик ҳар бир инсонни ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъи назар бошқалар томонидан хорланиши ва таҳқирланишига йўл қўймайди. Барча инсонларни, айниқса, аёллар ва болаларни ҳамиша улуғлаб, эъзозлашни, авайлаб-асрашни, уларга меҳр кўрсатишни талаб қилади.
Ҳақиқатан ҳам инсон Аллоҳ томонидан яратилган энг улуғ мўъжиза. Юқорида баён қилинган оят ва ҳадисларга кўра инсоннинг инсонга озор етказиши оғир гуноҳ. Минг афсуски, бугунги кунда одам савдоси деган офат ҳаётимизга кириб келиб, айрим бандаларнинг ҳаётини зулматга айлантирмоқда. Янада ачинарлиси эса ана шу гуноҳ, жиноятни содир этаётганлар ҳам сизу биз билан бирга, орамизда яшаётган кишилардир. Аллоҳдан қўрқмай, бандадан уялмай, охиратни ўйламаётган айрим виждонсиз кимсалар содда ва ишонувчан юртдошларининг ишончига кириб, хорижда мўмай даромад топишини ваъда қилиб, ўзга юртларга олиб бориб, уларни сотиб юборишлари ачинарли ҳолдир.
Баъзи кимсалар кечириб бўлмас гуноҳ ҳисобланган одам савдосини ўзлари учун доимий машғулотга, даромад манбаига айлантириб олаётганликлари ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдиради. Айниқса, бу балонинг бизнинг юртимизда ҳам илдиз отиб бораётганлиги янада ташвишлидир. Аллоҳ таоло инсонни барча махлуқот ва мавжудотлар, ҳатто фаришталардан ҳам улуғ десаю, баъзи бир виждонсиз нафс қуллари ўзлари каби инсонларни бошқа бировга сотиб юборишларини қандай изоҳлаш мумкин?
Аслида ҳаммамиз ҳам Аллоҳнинг қулимиз, ҳеч бир инсоннинг бошқа инсонни қул қилишга ҳаққи йўқ. Шундай экан, орамиздан чиқаётган одамфурушларнинг тинч ва хотиржам яшаб келаётган инсонларни тўғри йўлдан адаштиришига, катта ваъдаларни бериб, алдаб хорижга олиб чиқиб кетишларига йўл қўймасликлари учун ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлайлик. Аллоҳ каломида "Албатта мўминлар оға-инидирлар" деб марҳамат қилингани ҳолда бир мўмин биродаримиз, ака-укамиз ёки қўшнимиз чет давлатларга бориб қуллик домига тушиб қолиши ниҳоятда аянчли.
Албатта, юртдошларимиз ҳам фирибгарлар таъсирига тушиб қолмаслик учун хорижда ишлашни таклиф этаётган инсоннинг кимлигини аниқлаб, яқинлари, маҳалла раислари, тегишли идоралар вакиллари билан маслаҳатлашиб иш тутсалар дуруст бўлади.
Хорижда ишлаб катта даромадга эга бўлганлар ҳам йўқ эмас, лекин аксарият инсонлар чет элда узоқ ишлаб касал бўлиб, қуруқ қўл билан қайтаётганлиги бор гап. Шунинг учун ҳам оқил инсон ҳамиша мол-дунёга учмасдан, тафаккур билан иш кўради, халқимизнинг "Ўз уйинг, ўлан тўшагинг", "Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-тарозу" деган ҳикматли мақоллари бежиз айтилмаганлигини ёдда тутиши лозим.
Ўзга юртда қийналиб, бировларнинг қўлида хор бўлиб даромад топгандан кўра борига шукр келтириб ўз юртида меҳнат қилиб, фарзандларига таълим-тарбия бериб, оила тебратишга нима етсин?!
Инсоннинг қадр-қимматини дунёдаги ҳеч бир нарсага тенглаштириб бўлмайди. Айримларнинг ўз юртдошларини пулга алмаштириб юборишлари эса қабиҳликдан ўзга нарса эмас. Юртдошларимизни ана шундай фирибгарлар домига тушиб қолишларининг олдини олиш ҳар биримизнинг инсонийлик вазифамиздир.
Аллоҳ барчаларимизнинг тинч-тотув, хотиржам яшашимизни, сабр-тоқатли бўлиб, бир-биримизга меҳрли бўлишимизни насиб айласин. Доимо огоҳ бўлайлик, одам савдоси деб аталган офат бизга раҳна солмасин.
Абдуваҳоб МАДРАҲИМОВ,
Андижон туманидаги "Довудхонтўра" жомеъ масжиди имоми.
Ойбек РАҲИМОВ,
Андижон туманидаги "Қорабош ота" жомеъ масжиди имоми.
|