№46, 13.11.2014 Танлов
ИҚТИДОР СОҲИБАЛАРИ САРАЛАНМОҚДА
Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, вилоятимизда мазкур танлов номзодларини саралаш туман ва шаҳар босқичларида 1300 дан зиёд иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича 163 нафар ёш иқтидор соҳибалари иштирок этдилар.
Байрамона тарзда ташкил этилган тадбир очилишида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова барчани муборакбод этиб, юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, мазкур танловнинг ёш иқтидор соҳибаларини юзага чиқариш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдаги ўрни ва роли ҳақида гапирди. Жумладан:
- Танловда қатнашиш истагидаги қизларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Қатнашчилар ўтган йилдагига нисбатан анча кўп бўлди. Муҳими, қизларимизнинг фаоллиги, билим ва салоҳияти ортиб бораётганлигини кузатиш мумкин, дея иштирокчи қизларимизга омадлар тилади.
Шундан сўнг қатнашчилар йўналишлар бўйича ўзларининг билим, салоҳият ва маҳоратларини намойиш этдилар. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг чиқишлари адолатли ва муносиб баҳолаб борилди.
- Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи юксак савияда ва жуда қизиқарли тарзда ўтди, - дейди Андижон шаҳар прокурори ёрдамчиси Насибулло Қаюмжонов. - Шу билан бирга, танлов жараёнида ошкоралик, адолатли баҳолаш тамойили тўла таъминланди.
Якуний натижаларга кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган иштирокчилар танловнинг республика саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
- Ўз билим ва маҳоратимни жиддий синовдан ўтказдим, - дейди танловнинг адабиёт йўналиши ғолибаларидан бири АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси Гўзалой Абдуллаева. - Танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, улуғ шоирамиз номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлиш учун бор билим ва истеъдодимни ишга соламан.
Бир сўз билан айтганда, танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, уларда шижоат, ўзларига бўлган ишонч ва интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Якунда ғолибаларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|