№46, 13.11.2014 КОМИЛ ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ
Ҳар бир ота-она фарзандини етук, одоб-ахлоқли, комил инсон бўлиб вояга етишини орзу қилади. Чунки фарзандларимиз ҳаётимиз мазмуни, бахтимизни уларнинг камолида кўрамиз.
Қолаверса, юртимизда ёш авлод тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим йўналишлардан бири саналади. Бугунги кунда ёшларимизнинг ўқиши, тарбия олиши учун зарур барча шароитлар яратиб берилган. Фақат биз уларни тўғри тарбиялашимиз, тўғри йўлга йўналтира олишимиз керак. Шу ўринда ҳар бир ота-она яхши англашлари керакки, орзуга етишиш учун истакнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун ота-она фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиши, уларнинг илмли, ҳунарли бўлишилари учун зарур чораларни кўрмоқлари лозим. Хусусан, фарзанд тарбиясида қуйидаги тўртта қоидага риоя қилмоқлик муҳимдир:
1. Фарзандларга ҳалол луқма бериш. Ҳар бир ота-она учун фарзандларини ҳалол луқма билан боқиб, тарбия қилиши барча вазифалардан юқори туради. Шариатимизда мўмин банданинг ҳалол луқма билан таомланиш биринчи ўринга қўйилади. Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар келтирилган: "Бошқаларнинг ҳаққини ноҳақ еювчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, порахўр, ўлчов ва тарозудан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, ҳур озод одамни сотиб пулини еювчиларнинг барчаси киради".
Фаҳш дисклар сотиб, пулини еювчилар ҳам шариатимизда қораланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида "Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди" деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, барчамиз фарзандларимизнинг этини битиши, суякларининг қотиши, ақлини тўлиши учун бераётган луқмамизнинг ҳалол-поклигига эътибор берайлик.
2. Фарзандга рисоладагидек таълим-тарбия бериш. Дарҳақиқат, инсон комилликка илму одобсиз эриша олмайди. Шу сабабли Аллоҳ таоло илм ўрганишни ҳар бир эркагу аёл зиммасига фарз қилди. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам "Иқро" - "Ўқи" деган амр билан бошланувчи сура бўлди. Ушбу амалга итоат қилганларни, яъни илм соҳибларининг мақомини кўтариб, Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!" ("Зумар" сураси, 9-оят). Албатта, тенг бўлмайдилар. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Ўқиганлар, илм соҳиблари, яхши тарбия кўрган одоб-аҳлоқли кишилар савоб-гуноҳнинг, яхши-ёмоннинг фарқига етиб, иш тутмоқдалар. Минг афсуски, илм олмаган, яхши тарбия кўрмаган айрим кимсалар ҳар қадамда гуноҳ ишларга қўл урмоқда, одамларга азият етказиб, ўзларининг гуноҳ амалларини кўпайтириб бормоқдалар.
Таълим-тарбия беришда оиладаги муҳит, шахсий намуна муҳим роль ўйнайди. Доно халқимиз "Қуш уясида кўрганини қилади" деб бежизга айтмаган. Шундай экан, барча ота-оналар, аввало, ўзлари маърифатли, маънавиятли бўлишлари, одоб-ахлоқ борасида фарзандларига ибрат бўлишлари лозим.
3. Ота-она ҳаёт бўлсалар, хизматини қилиб, дуосини олиш. Ота-она фарзандини келажакда яхши инсон бўлиб вояга етишини, ҳамма ҳавас қиладиган бўлишини умид қилар экан, аввало, ўзлари ҳам ота-онасининг қадрига етиб, улар олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этиб, раҳмату дуоларини олишлари керак. Чунки "бу дунё қайтар дунё"дир. Шундай экан, ота-онамизнинг қанчалик қадрига етиб, уларнинг ҳурматини бажо келтирсак, фарзандларимиз ҳам бизнинг қадримизга етадиган аҳли солиҳ фарзандлар бўлади.
4. Фарзандлар ҳаққига дуо қилиб туришлик. Фарзандларимизни комил инсон бўлишлиги учун уларга ҳалол луқма, яхши тарбия бериш билан бирга, биз ота-оналар Аллоҳ таолодан уларнинг камолотини сўрашимиз, уларнинг ҳаққига доимий равишда дуо қилишимиз керак. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: "Уч дуо мустажобдир. Уларга шак йўқ. Булар мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси" дир дейилади.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳар томонлама етук ва комил, иккала дунёда ҳам ота-онасига раҳмат олиб берадиган, юртига, элига муносиб хизмат қиладиган зурриёдлардан қилсин. Барчамизга фарзандлар камоли учун қайғурадиган, рисоладагидек таълим-тарбия берадиган бандалар қаторида бўлишлик насиб этсин.
Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,
Андижон шаҳридаги "Ат Термизий" жомеъ масжиди имоми.
Раҳмиддин ҲАМДАМОВ,
Андижон шаҳридаги "Эски Гумбаз" жомеъ масжиди имоми.
|