№49, 04.12.2014 АЁЛЛАРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ ҚУДРАТЛИ БЎЛУР
Аёл деганда, аввало, кўз олдимизга мунис оналаримиз, аҳли аёлимиз, опа-сингил, шириндан-шакар қизларимиз келади. Шу ўринда аёл зоти ҳар доим ҳам бугунги кунимиздек ардоқланганми, деган савол барчани қизиқтириши табиий.
Милодий 500-йилларда араб ярим оролида жоҳилият пайтида қизларни оталари тириклайин кўмишдек оғир гуноҳни ўзларига одат қилишган. Улар қизларни номусга қўяди, деган гумон билан шу қабоҳатни қилар эдилар.
Қадимги оврупода аёлни "шайтоннинг малайи" деб ҳисоблашарди. Аёлни кўриш шайтонни кўришдек гуноҳ ҳисобланган. Натижада оврупода одам кўпаймай қолган. Ҳиндистонда бундан ҳам хунук ҳолат ҳукм сурган. Фақат бир мисолни эслаб ўтиш кифоя. Улар эри ўлган хотинни тириклайин эрига қўшиб куйдиришган. Араблар эса қиз фарзанд дунёга келса, олиб бориб тириклайин кўмишган. Аёл кишининг ўлган эридан қолган меросини, мол-мулкини тақсимлаб олишган.
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини Ислом аёл зотига юксак мақомини берди. Қиз туққан, уни боққан, уни қарамоғига олган, тарбия қилиб, вояга етказганларга дўзахдан қутилиш, жаннатдан жой олишдек мукофот ваъда қилинди. Уни улуғлади ва шарафлади.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, икковлари уни жаннатга киритади", - дедилар.
Шу ўринда аёл зотига тааллуқли бўлган бир ривоятни келтирамиз.
Қадимда бир юртда золим подшоҳ бўлган экан. Бир куни вазирини чақириб, мен ҳарбий юриш қилиб давлатларни ўзимга бўйсундирмоқчиман, деб айтибди ва вазирига иккита чопарни иккита узоқ юртларга жосуслик қилиш учун жўнатиш вазифасини берибди. Иккита чопар бири машриқ томонга, иккинчиси мағриб томонга қараб кетибди. Орадан бир қанча муддат ўтгандан сўнг чопарлар қайтиб келишибди. Золим подшоҳ улардан қайси юртга борганлигини ва у юртда аёлларга қандай муносабат бўлаётганлиги ҳақида сўрабди.
Чопарлардан биринчиси: "Подшоҳим, мен борган юртда аёллар жуда хор экан, эркаклари аёлларини ҳеч қизғонмас ва ҳар ким аёллар билан хоҳлаган ишини қилиб кетаверар экан."
Иккинчи чопар: "Шоҳим, мен борган юртда аёллар иззат ва икромда, эркаклари аёлларини жуда рашк қилар, уларга ҳеч қандай оғир иш қилдирмас экан. Эркаклари ва аёллари ҳеч бир бегонага ёмон назар билан боқмас экан", дебди.
Подшоҳ вазирига қараб, аёллар хор қилинган, аёллари эркаклари томонидан қизғонилмаган, зино ва фахш тарқалган ва эркаклари аёлларини ҳимоя қила олмаган юрт эркаклари ўз юртини ҳам ҳимоя қила олмайди, деб айтибди.
Қиссадан ҳисса шуки, қайси юртда аёллар хор қилинса, аёлларга паст назар билан қаралса, ва эркаклар аёлларни рашк қилмай қўйса, мана шундай золим подшоҳларнинг зулмида қолади.
Минг шукрки, бизнинг юртимизда аёллар ҳамиша иззат ва икромда. Ҳукуматимиз томонидан эса аёллар, уларнинг самарали ишлаши, чиройли яшашлари учун жуда кенг шароитлар яратиб берилган. Уларга кўрсатилаётган мурувват, маънавий ва моддий кўмакларни санаб адоғига етолмайсиз.
Шу ўринда таъкидламоқчиманки, аввало, юртимиз тинч, қиз-аёлларимизнинг толеи баланд бўлсин. Аллоҳ таоло барчаларимизни азиз аёлларимизга юксак эҳтиром кўрсатадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Сайфиддин ЮЛДАШЕВ,
Андижон шаҳридаги "Мирпўстин ота" жомеъ масжиди имоми.
|