№51, 17.12.2014 Шифобахш неъматлар
УЗУМ - ҚУВВАТ БАҒИШЛАЙДИ
Юртимиз ҳудудида милоддан аввалги IV асрдан бошлаб узум етиштирилгани маълум. Узумда калий, кальций, магний, марганец, кобальт витаминлари, фолий кислотаси, каротин моддалари мавжуд. Узум углеводларга бой, фаол пешоб ҳайдовчи, ични юмшатувчи ва балғам кўчирувчи воситадир. Буйрак, ўпка, жигар касалликларида, подагра ва қон босимида фойдали, узумдан организмни умумий мустаҳкамловчи восита сифатида ҳам фойдаланилади. Унинг бир қатор навлари микробларга қарши курашиш хусусиятига ҳам эга. Узум шарбати организм қувватини ошириш, тетиклаштириш хусусиятига эга. Уни асаб системаси толиққанида (астения) ва қувват пасайганида ҳам истеъмол қилиш ижобий натижа беради. Глюкозага бой бўлганлиги учун пешоб ҳайдаш ва терлатиш хусусиятига эга. Қонда холестерин моддасини пасайтиради. Ич кетишига мойилликда, қандли диабетда, ҳаддан ташқари тўлаликда, ошқозон яраси касаллигида, ўпка хроник шамоллаш касалликларида кўп миқдорда узум шарбати ичиш мумкин эмас.
Ҳар қандай неъматни керак миқдорда истеъмол қилган мақсадга мувофиқ. Бу инсон саломатлиги учун фойдалидир.
ХОСИЯТХОН тайёрлади.
|