№5, 29.01.2015 "КЕЛАЖАК - БАРКАМОЛ АВЛОДГА БОҒЛИҚДИР"
Вилоят "Баркамол авлод" болалар марказида "Келажак - баркамол авлодга боғлиқдир" мавзусида кўргазмали тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, вилоят прокуратураси, ички ишлар, маданият ва спорт, халқ таълими бошқармалари ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда ўқувчи ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этиш, уларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол униб-ўсишларини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасаси, маҳалла ва ота-оналар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Семинар доирасида ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда ҳуқуқ-тартиб идоралари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг Зулфия номидаги давлат мукофоти ва бошқа танловлар, халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, таниқли меҳнат фахрийлари билан ўтказилган учрашувлари ҳам ниҳоятда қизиқарли ўтди.
Семинарда "Баркамол авлод" болалар марказининг техник ижодиёт йўналишидаги тўгараклари ўқувчилари томонидан тайёрланган ижодий ишлар, ёш рассомларнинг расмлари кўргазмалари намойиш этилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўзларининг бадиий дастурлари билан иштирок этдилар.
Самарали ва қизиқарли ўтган ушбу семинар ўқувчи ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга, қалбларида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|