№9, 26.02.2015 ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ЗУЛФИЯ ТАВАЛЛУДИНИНГ 100 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
ЯНА БАҲОР КЕЛДИ СИЗНИ СЎРОҚЛАБ...
Яна баҳор келди, боғларда баҳор, адир-қирларда баҳор. Ариқлар лабида майсалар найза, куртаклар жилмайиб қилади ғамза. Гулбарглар шамолда учади майин, завққа тўлар дил кўргани сайин. Чучмома, мойчечак имлайди аста, атиргул ғунчаси тебраниб раста.
Осмон ҳам бунчалар бўлмаса тиниқ, вужудга ёқади ҳаво ҳам илиқ. Эҳ, бу фасл уйғониш фасли, асли гўзаллик , ёшариш фасли. Йили ҳам мучали баҳор аталган, бир барно шу баҳор ичра яралган. Қошлари пайваста юзлари гулгун, сочлари ҳуснидан тўлғонади тун. Юраги дардидан катта туғилган, бахт, қувонч, ғам учун асли йўғрилган. Нафаси ўзига хосдир шикаста, бир уйнинг бекаси бўлган ораста. Севгани юраги тоза бир йигит, нигоҳи чақнаган мисоли бургут. Иккиси учрашган фасл ҳам баҳор, висол бахтига дўст бўлганда анҳор.
Икки дил сирлашган, сўзсиз, иккисин бу ҳаёт қилганди азиз. Бегойим Зулфия исми ҳам гўзал, шеър ёзса тилида тўкилган асал. Ватанни, халқини, баҳорни куйлаб, меҳр-муҳаббат, вафони ўйлаб. Ёрига вафодор, юртига фидо, шеърлари бир нидо таратди садо.
Унинг юраги ҳам севгига меҳмон, висолин соғиниб кутарди илҳом. Шеър базми, назмидан дафтар тўларди, бахт-сандиқ қулфини очса бўларди. Орзулар, хаёллар ниятлар кулди, икки юрак топишиб, бир бутун бўлди.
Зулфия оналар, қизлар сирдоши, кулса кулди, йиғласа бўлди дарддоши. Кафтдек юрагига жойлаб дунёни, кенг бўлиб яшади суюб дарёни. Яхши-ёмонига кўнди, чидади, боши осмон бўлса ўздан кетмади. Кулса, йиғласа ҳам шеър ёзди ёниб, кўнгилни овутди ёруғлик солиб. Ёниб яшамоқни ёниб ўргатди, ҳокисор ўзига хайкал ўрнатди. Унинг исми бугун тилларда достон, ўзбек аёлига дунё ҳам ҳайрон. Битта аёл бўлса шунчалик бўлар, шеърларин ўқиган кўнгиллар тўлар.
Зулфия бахт тутган осмонлар шунда, орзуси гуллаган замонлар шунда. Китоб жавонлардан китобин истар, қизлар мушоирага борай деб қистар. Гўзалим, лобарим, азизим қизлар шоирага шеърин ўқишиб эслар. Соғинади баҳор, ўрик гуллари, гулбаргларга тўлар, юрган йўллари. Севгиси, шеърлари таърифга ожиз, сизни ёд айламоқ албатта, жоиз. Бу кун Турон юрти қилар тантана, бунча ярашмаса гўзал анъана. Ҳайрли ишларда сарбон Юртбоши, илоҳо, юздан ҳам ошсинда ёши. Ўзбек аёлига ҳурмат, эҳтиром, руҳлар шод тупроқда олади ором.
Яна баҳор келди, сизни сўроқлаб, ҳижрон мусибатлар кетди йироқлаб, шеър ўқинг, ўқийлик юрак бўшатиб, эҳсонлар муборак, патир ушатиб. Қушлар ҳам капалак, камалаклар ҳам, яйрасин, сайрасин ярашар бу дам. Битта ўзбек аёлига шунчалар қадр, қадрга етгунча қилдилар сабр. Сабр таги сариқ олтин дейдилар, дарахтлар март келиб яшил кийдилар.
Сиздан ўрганайлик, севиб яшашни, синов-сийловларда қадам ташлашни. Ёрга вафо, дармон, шеърга меҳрини, қаламига юққан ажиб сеҳрини. Болишлари тунда хўл бўлган санам, ёлғизлик ёздириб қилганда алам. Қаламга суянган буюк бегойим, Сизни тоғ яратган экан худойим. Икки дилбандини тишида тишлаб, ҳам ота, ҳам она бўлибсиз яшаб. Орият бошда тож, ноилож бекам, дейдилар дунё ўзи-да бир кам. Шеъридай сулувим, мунисим опам, сабргулим бўлиб ўтган Зулфиям.
Юз йил, юз баҳор айтишга осон, синовлардан ғолиб чиқдингиз омон. Сиз тимсол ўзбекнинг аёл, қизига, рухсорингиз кўчган улар юзига. Яшайсиз қалбида, дардида бугун, шеърингиз ўқишар яйрашиб гулгун. Сиз ўлмагансиз, яшаб юрасиз, чеҳрангиз мулойим кулиб турасиз. Шеърингиз тилларда, дилларга ором, қизлар мушоираси этади давом...
Мукаррама ҒАНИЖОН қизи, Ўзбекситонда хизмат кўрсатган журналист.
|