№10, 05.03.2015 2015 ЙИЛ - КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ
СЕҲРЛИ ҚЎЛЛАР ЯРАТГАН ЖОЗИБА
Хўжаобод тумани, Саноатчилар маҳалласида яшовчи айни кунда саксон ёшни қаршилаган Раънохон ая яратган халқ амалий санъати намуналарини кўриб, гўё сеҳрланиб қоласиз, аянинг маҳоратига тан бермай иложингиз йўқ.
Юртбошимиз И. Каримов ҳам Раънохон ая томонидан тайёрланган бобомиз Алишер Навоийнинг табаррук сиймоси акс эттирилган санъат асарини кўриб, ниҳоятда таъсирланиб, ҳатто аяга табрик хати йўллаганди.
Ўшанда, Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан 365 кун мобайнида 2 миллион мартадан зиёд игна санчиб, нозик қадаб, шоир портретини яратганди. Бу инсондан қанчалик сабр, ирода ва маҳорат талаб қилишини тасаввур қилиш қийин эмас. Умуман, Раънохон ая ўзининг сабр-тоқати билан мўъжиза яратади. Унинг сеҳрли қўлларидан сайқал топган асарлар ҳар қандай одамда завқ ва ҳайрат уйғотади.
Аслида Раънохон ая Мамажонова туғилиб ўсган оила чеварлар хонадони эди. У хонадонда миллий кўйлаклар тикилар, чуст ва ироқи дўппилар, чойшаб, дастурхон, чорсиларга безаклар солинарди. Бувиси, онаси сингари дастлаб палак, сўзана, кашта тиккан Раънохон ая мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ катталар учун чиройли либослар тикиб, ҳаммани ҳайратда қолдирган. Кейинчалик у ушбу ҳунарни мукаммал эгаллади.
Раънохон ая яратган санъат асарлари, ҳатто халқаро кўргазмаларда ҳам бир неча бор намойиш этилган.
Ая ҳамон тетик, бардам. Ўзининг яратган асарлари ҳақида қизиққанларга эринмай, завқ билан сўзлаб беради.
Аядан шогирдлари ҳақида сўрайман.
- Мен шу ҳунарга меҳр қўйган ҳар қандай қизнинг, аввало, тоқат ва иродасини синовдан ўтказаман, - дейди у. - Чунки бир безакни чиқариш учун соатлаб вақт керак бўлади. Тоқатсиз, бесабр одам бундай ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Ҳозирда кўплаб шогирдларим ўз уйларида мустақил иш тикишяпти.
Раънохон ая Мамажонованинг чеварлик хонасига кирсангиз, худди мўъжизаларга дуч келгандай дилингиз яйраб кетади.
Бу ерда келинчаклар киядиган тўй либосларидан тортиб, аёллар суйиб ишлатадиган қийқим матолардан нақш бериб тикилган рўзғор буюмларигача бор.
Сеҳрли қўллар соҳибаси Раънохон аянинг умр йўлларида садоқатли ҳамроҳ бўлган Абдукарим ота Мамажонов иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Узоқ йиллар муҳандислик қилган, ҳозир нафақада. Улар биргаликда етти нафар фарзандни тарбиялаб, қаторга қўшдилар.
Раънохон ая айни кунларда ҳам тикишдан тўхтагани йўқ. Аёллар учун сумкача, ҳамён ва камзуллар тайёрламоқда. Ўз ҳунарини ёшларга ўргатмоқда.
- Президентимиз жорий йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб номлаганини эшитиб, беҳад хурсанд бўлдим. Халқни юксак марралар сари бошлаётган юртпарвар у инсонни тинмай дуо қиламан. Бугунгидай тинч, тўкин замон ҳеч қачон бўлмаган. Бу кунларнинг қадрига етайлик, шукронани тилдан қўймайлик.
Ҳа, ана шундай шукроналик билан умргузаронлик қилаётган, 18 нафар набира, 9 нафар чеваранинг момоси Раънохон ая Мамажонова сингари табаррук момоларимизнинг борлиги бизнинг бахтимиздир.
Раҳимахон АБДУРАҲМОНОВА.
|