№10, 05.03.2015 ДИЛ НОМАЛАРИ
Ҳажалхон ҚОДИРОВА,
ҳунарманд.
Шаҳрихон тумани, Найнаво қишлоғи.
Онам дўппи тайёрлаш бўйича қўли гул чевар эди. Ёшлигимдан онамнинг ёнига кириб ҳунарини ўргандим, кейинчалик тўқувчиликни ҳам ўзлаштириб олдим.
"Ҳунарли одам хор бўлмайди", деган ҳикмат бежиз айтилмаган экан. Ҳақиқатан ҳам эгаллаган ҳунарларим орқали кам бўлмадим. Аксинча, эл-юрт орасида обрў-эътибор топдим.
Маҳалламизда ҳам кўплаб аёл-қизларга "устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўргатаман. Ҳозирда юздан ортиқ шогирдларим бор. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шогирд-қизларимга мустақил ҳаётларида асқотиши мумкин бўлган панд-насиҳатларни бераман. Озодалик, тозалик, интизом, одоб-аҳлоқ борасида анчайин талабчанман. Аслида ҳунаримиз ҳам покликни талаб этади-да.
Айни пайтда аксарияти шогирдларим оила қуриб, ўрганган ҳунари орқали рўзғор тебратиб, турмушларида фаровонликка, тўкинликка эришган. Айниқса, ўрганган ҳунарлари орқали ҳурмат-эътибор топганларини эшитсам, хурсанд бўлман. Берган сабоқларим зое кетмаганидан қувонаман. Ёшларимиз билимли, замонавий бўлсин, лекин бирор бир ҳунарни ҳам, албатта, эгалласин.
Бутун юртимиз аёлларини, ёш қизларимизни қутлуғ айём - 8 март билан табриклайман. Уларга, энг аввало, аёллик бахти насиб этишини тилайман. Миллий ҳунармандчилиги, қадриятлари, урф-одатлари улуғланаётган жаннатмакон Ўзбекистонимиз ҳамиша тинч бўлсин.
Дилдорахон АБДУЛЛАЕВА,
Андижон давлат университети ўзбек адабиёти кафедраси доценти.
Аёллари қадр топган, эъзозда яшаётган юртнинг келажаги ҳамиша ёруғдир. Жамиятга керакли инсон эканлигингни ҳис этишнинг ўзи катта бахт. Мен шу бахтни ёш авлодга таълим-тарбия бериш жараёнида янада теранроқ англайман.
Болаликдан онам каби ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳар гал талабаларга дарс бераётганимда, фаолиятим давомида эришган ва эришаётган ютуқларим кўз олдимга келганда, она касбни танлаб хато қилмаганимни ҳис қиламан. Ўқиб- ўрганишим, изланишларим натижасида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Масал характеридаги дидактик-аллегорик асарларининг қиёсий-типологик тадқиқи" илмий гранти ғолиби бўлдим, шеърий китобим чиқди. Бу каби қатор ютуқ ва рағбатлар мени янада ёниб ишлашга, таълим соҳасида янгиликлар қилишга ундайверади.
Адабиётга ошно қалбимдаги туйғуларни оқ қоғозга тушира туриб, бир нарсага амин бўламан. Ижодкор учун илҳом манбаи унинг оиласи ва қилаётган ишлари экан. Демак, оиласи тинч, жамият ишида фаол аёлга омад кулиб боқаверади. Турмуш ўртоғимнинг мени ҳар қадамда қўллаб туришлари ва фарзандларим камолидан бир олам завқ туяман. Уларнинг борлиги, отажонимнинг дуолари сабаб янги-янги ютуқлар сари дадил қадам босаман.
8 март - Халқаро хотин-қизлар айёми арафасида барча аёлларга бахти бекамлик тилайман.
Одинахон АБДУРАШИДОВА,
Андижон шаҳридаги "Нилуфар элит" ўқув маркази иш юритувчиси.
Кўкламнинг илк нафаси кўксимизга тегаркан, беихтиёр баҳорни соғинганимизни ҳис қиламиз. Фасллар келинчаги бўлмиш баҳор кириб келиши билан хотин-қизларимиз ҳам ўзгача чирой билан уни илиқ кутиб оладилар, турли хил баҳорий таомлар билан яқинлари кўнглини олишга интиладилар.
Ўқув марказимизда ана шундай ниятлар билан яшаётган опа-сингилларимизга турли таомларни тайёрлашни ўргатаётганлигимиздан беҳад хурсандмиз. Мана 10 йилдирки, мен "Нилуфар элит" ўқув марказида хотин-қизларга пазандалик, сунъий гул ясаш бўйича сабоқ бериб келаман. Қолаверса, болалигимдан мунчоқлардан турли буюмлар ясашга қизиқардим, қизиқиш туфайли ана шу ҳунарни пухта эгалладим ва бу ҳаётимда кўп асқотди. Ҳунарманд сифатида меҳнатим орқали катта ютуқларга эришдим.
Марказимизда аёллар учун уй ҳамширалиги, пазандалик, карвин санъати, аёллар сартарошлиги каби қатор йўналишларда сабоқ берилади. Мақсадимиз хотин-қизларимизнинг пазанда, оқила, ҳунарли бўлишига, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўринларини топишларига кўмаклашишдир.
Опа-сингилларимизга баҳор, гўзалик байрами муборак бўлсин. Уларни баҳорий кайфият ҳеч қачон тарк этмасин.
|