№20, 14.05.2015 Касаба уюшма ташкилотлари фаолиятидан
АЪЗОЛАРИМИЗ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ
Мамлакатимизда фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, соғломлаштириш, кўнгилли дам олишларини ташкил этиш сингари қатор йўналишларда олиб борилаётган ишларда касаба уюшма ташкилотларининг ўрни ва роли муҳим ўрин тутади.
Шу боис ҳам бугунги кунда касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар Кенгаши томонидан олиб борилаётган ибратли ишларни алоҳида эътироф этишни истар эдим.
Айни кунда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар Кенгаши ўз сафига 147 та корхона, ташкилот ва муассасани бирлаштирган. Уюшмамизга қарийб 22,5 минг киши аъзо бўлган. Кейинги йилларда ана шу аъзоларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлат дастурлари, Президентимиз фармон ва қарорлари, ҳукумат ҳамда республика касаба уюшмалари федерацияси, вилоят касба уюшма ташкилотлари бирлашмаси қарор ва кўрсатмалари ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчил ва режали тарзда олиб борилмоқда.
Биргина ўтган 2014 йилдаги ишлар сарҳисоби фикримизга яққол мисол бўлади. Жумладан, Кенгашимиз томонидан ўтган йили 161 нафар ходимларга юртимизнинг турли сиҳатгоҳларига, 31 нафар ишчи-ходимларнинг фар-зандларига "Боғишамол" ёзги дам олиш оромгоҳига йўлланмалар берилди. Шунингдек, 1200 нафар болага мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳларда дам олишлари учун имкониятлар яратиб берилди. Бундан ташқари, 400 нафардан ортиқ ходимлар ҳамда меҳнат фахрийларига 18 млн. сўмдан зиёд миқдордаги моддий ёрдам кўрсатилди.
Бу каби хайрли ишлар жорий - "Кексаларни эъзозлаш йили"да ҳам давом эттирилмоқда. "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури асосида режалар ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда. Айниқса, кексаларни, Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга, шунингдек, уларнинг фидойилиги, кўрсатган матонат ва жасоратлари орқали ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кенгашимиз тасарруфидаги ташкилот ҳамда муассасаларда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни олдидан "Жасорат, бурч, матонат" шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Андижон шаҳридаги 34- , 22- умумтаълим мактабларида, Андижон педагогика коллежида "Эъзоз", "Эҳтиром", "Фахрийлар - фахримиз" каби мавзуларда ўтказилган тадбирлар барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, 11-умумтаълим мактабида ўтказилган "Касаба-тур" веломарафони шаҳар босқичи мусобақалари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Андижон педагогика коллежи маъмурияти ҳамда коллеж бошланғич касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги "Саҳоват" уйида бўлиб ўтган тадбирда у ерда яшаётган фахрийлар ҳолидан хабар олинди, уларга эсдалик совғалар берилди.
"Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими ҳамда корхона ва ташкилотлар маъмуриятлари билан ҳамкорликда уруш ва меҳнат фахрийларини юртимизнинг қадимий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатга юбориш режалаштирилган. Шунингдек, ҳозирги кунга қадар ёлғиз яшовчи кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларининг даволаниши, зарур дори-дармонлар олишиларига ёрдам кўрсатилди, 83 нафар ходимларга эса озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилда кенгашимиз томонидан юқорида айтилган, қолаверса, аъзоларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил олиб борилиши қатъий белгиланган.
Насибахон ТЎРАҚУЛОВА, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар Кенгаши раиси.
|