№29, 16.07.2015 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
"ДЎСТЛИК"НИНГ ЖОНКУЯР МАСЛАІАТЧИСИ
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти ўзига хос тарзда шакллантирилди. Натижада қадим анъаналарга эга маҳалла фаолияти алоҳида тизим сифатида йўлга қўйилди. Аҳоли муаммоларини жойларнинг ўзида тез ва тўлақонли ечишда қатор қулайликлар яратилди.
Шу туфайли ҳам бугунги кунда маҳалла институтини ривожлантириш, унинг роли ва нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу ишлар самарадорлигини оширишда маҳалла фаолларининг роли катта десак янглишмаган бўламиз.
Жалақудуқ тумани, Абдуллабий қишлоғидаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 590 та хонадонда қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб 2690 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Аҳолининг ҳамиша тинч ва осойишта ҳаёт кечираётганини қўриб ҳавасингиз келади. Бунинг асосида эса, табиийки, маҳалла фаолларининг туну кун тиним билмай қилаётган меҳнатлари мужассам.
Маҳалла аҳлининг аҳил ва иноқ, тинч-тотув яшашларида маҳалланинг диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Рўзихон Сарибоеванинг хизматлари каттадир. У мана тўрт йилдирки, ўз касбининг масъулиятини чуқур ҳис этиб, сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.
- Маслаҳатчи, аввало, ўзи бошқаларга намуна бўла олиши лозим, - дейди "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Юлдузхон Эргашева. - Шу туфайли 2011 йилдан ушбу вазифани эл-юрт ҳурматини қозонган Рўзихон Сарибоева олиб бормоқда. Унинг оиласи маҳалламизнинг энг ибратли оилалардан ҳисобланади. Раҳимжон Турғунов билан узоқ йиллардан буён аҳилликда ҳаёт кечириб, тўрт фарзандни олий маълумотли қилиб, элга қўшдилар. Ҳозирда улар вилоятимизнинг нуфузли таълим муассаларида фаолият юритишмоқда.
Рўзихон опанинг иш жараёнини кузатсангиз, унинг куйиб-пишиб, маҳалла аҳлининг қувончу ташвишлари, эзгу мақсадларига шерик бўлиб ишлаётганини кўрасиз. Айниқса, оилалардаги турли келишмовчилик ва муаммоларнинг ечимини топиш, ёш келин-куёвларга зарур маслаҳатлар беришни ўзига асосий вазифалардан қилиб олгани учун ҳам жорий йилда маҳаллада бирорта ҳам оилавий можаролар юз бермаганига гувоҳ бўласиз.
- Маҳалламизда эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб бормоқдамиз, -дейди Рўзихон Сарибоева. - Сўнгги уч ой ичида ушбу йўналишларда "Ораста қизлар" тўгараги аъзолари ўртасида "Дугоналар бормисиз?", "Маҳалламиз маликалари" каби кўрик-танловларни ташкил этдик. Натижада қизларимизнинг илм-ҳунарга бўлган қизиқишларини ўрганишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, эрта турмушнинг олдини олиш мақсадида ҚВП мудираси Ҳурматой Баракаева билан биргаликда ҳудудимиздаги 23-умумий ўрта таълим мактабида турли мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиб келяпмиз.
Маҳалламиз раиси Юлдузхон Эргашева, котиба Зарифахон Мамарасулова, посбон Дилшодбек Холбоевлар билан биргаликда тўй ва бошқа турли маросимларни камчиқим ўтказиш, кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида ҳам муайян ишларни амалга оширмоқдамиз. Бу борада кўчалар ўртасида "Энг гулзор кўча" шиори остида ўтказган танловимиз ижобий натижа берди. Танловда ҳар бир хонадони олдида гулзор ташкил этган "Андижон" кўчаси ғолиб деб топилди.
Маслаҳатчининг ташаббуси билан йил бошида қоллеж битирувчиси Нафисахон Парпиеванинг уч нафар ишчи ўрнига эга чеварлик ва гўзаллик салони иш бошлади. Шунингдек, маслаҳатчи бир гуруҳ коллеж ўқувчиларини зардўзлик билан шуғулланувчи, ҳунарманд Ширмоной Зокировага бириктиришга эришди.
Рўзихон опа Сарибоева каби жонкуяр маслаҳатчилар бор экан, маҳалларимиз обод бўлиб, одамлар ўртасидаги меҳр ва оқибат ришталари мустаҳкамланаверади.
Умиджон МАМАРАСУЛОВ.
|