№30, 23.07.2015 ТАДБИРКОР АЁЛЛАРИМИЗ
ТАДБИРКОР - ЮРТГА МАДАДКОР
Айни кунда жамиятимиз тараққиётида аёлларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Қай бир жабҳага қарамайлик, соҳа тараққиётида опа-сингилларимиз фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Шу боис ҳам аёл - фермер, аёл - сиёсатчи, аёл - ҳунарманд, аёл - тадбиркор... дея уларни ҳар қанча улуғласак камлик қилади.
Мақоламиз қаҳрамони "Ҳунарманд" уюшмаси Балиқчи туман бўлими раиси, тумандаги "Нажот махсус текст" хусусий корхонаси раҳбари Гулсумой Қодирова ҳам ана шундай эътирофга муносиб аёллардан биридир.
Бугун ўттиз хил турдаги миллий ва замонавий кийим-бошларни халқимизга тортиқ этаётган бу ҳунарманд аёл ҳақида ҳар қанча гапириш мумкин. Гулсумой Қодирова болалигиданоқ ҳунармандчиликка меҳр қўйди. Онаси Мавжудахон Қодирова миллий чопонлар тикиб, эл орасида ҳурмат қозонган моҳир чевар бўлган. Онасидан шу ҳунарни, опасидан эса дўппи тикиш сирларини пухта ўрганган Гулсумой ўсмир чоғидаёқ ип-игна билан ишлашни маромига етказарди.
Дастлаб фаолиятини якка тартибда бошлаган Гулсумой ҳунармандларга, тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланди. 2003 йилда "Нажот махсус текст" хусусий корхонасини ташкил этди. "Микрокредитбанк"нинг Балиқчи туман бўлимидан имтиёзли кредит олиб, 15 та ишчи ўрни яратди. "Ташаббус" кўрик-танловларида, ярмаркаларда, турли кўргазмаларда, фаол иштирок этиб, тайёрлаган маҳсулотлари билан маҳаллий бозорда ўз ўрнини топа олди, эл назарига тушди. Кейинги йилларда унинг саъйи ҳаракати билан корхона фаолияти янада кенгайди. Попопчилик ва каштачилик йўналишларида ҳам иш ташкил этилди.
Бугунги кунга келиб, корхона маҳсулотлари анча харидоргир. Аҳиллик ва ҳамжиҳатликда фаолият олиб бораётган корхона жамоаси учун зарур барча иш шароитлари яратиб берилган. Ишловчиларнинг аксарияти ёшлар, коллеж битирувчиларидир.
Гулсумой Қодирова бугун нафақат туманда, балки вилоятимизда кўзга кўринган ҳунарманд ва тадбиркор аёллардан бири десак, асло муболаға бўлмайди. У раҳбарлик қилаётган корхонада тайёрланаётган бежирим, сифатли миллий ва замонавий либослар бугун деярли республикамизнинг барча вилоятларига етказиб берилмоқда. Бу ҳунарманд аёлга шогирдлари ҳамиша елкадош. Устозининг маслаҳат ва кўмаги билан бугун уларнинг кўпчилиги мустақил равишда ўз тадбиркорликларини йўлга қўйган.
- Устоз учун шогирдлари эришган ютуқларни кўриш жуда ҳам ёқимли. Шогирдларим ютуқларга эришяптими, демак, улар учун яхши устоз бўла олибман, - дейди фахрланиб Гулсумой Қодирова.
- Гулсумой опа жуда талабчан, - дейди унинг шогирди, корхонанинг моҳир чеварларидан бири Мавжуда Бобоматова. - Ҳар битта чокнинг мустаҳкам бўлишини, харидор либосдан кўнгли тўлишини, биз тиккан кийимлар ҳеч кимда норозилик уйғотмаслигини таъкидлаб турадилар. Биз устозимиздан нафақат ҳунарни, балки тадбиркорликни, инсонийликни ҳам ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Изланиш, интилиш самараси ўлароқ, яқинда корхонада махсус иш кийимлари, формалар тикиш ҳам йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулотлар асосан буюртма асосида тикилмоқда.
Оилада бахтли аёлгина жамият ривожида фаол бўла олади. Шу маънода айтиш мумкинки, Гулсумой ҳам бахтли оиланинг бекасидир. Турмуш ўртоғи Ҳаётбек Ҳалимжонов билан бир қиз, икки ўғилни тарбияламоқда. Қизи Диёрахон Мадаминова Тошкентдаги дизайнерлик коллежини тамомлаб, онасининг муносиб издошига айланди.
Ўз иқтидори, изланиши, ҳалол меҳнати билан ишда ҳам, турмушда ҳам қадр ва ҳурмат топа олган Гулсумой Қодирова сингари тадбиркор аёлларимиз бор экан, жамиятимиз ривожланиб, янада гўзаллашиб бораверади.
Зилола РАҲМОНОВА.
Суратда: Г. Қодирова
шогирди билан.
|