№44, 29.10.2015 Қатра
КЎНГЛИ ЙИҒЛАЙДИ...
Янги туғилган чақалоқ чинқириб-чинқириб йиғлайди. Гўёки янги оламга келганини бутун оламга билдирмоқчидек...
Муштипар она боласига интилади. Унинг дийдорига ошиқади. Жажжи дилбандига бутун борлиғини, жонини бахш этгиси келади. Митти вужудни қўлига оларкан, кўзларида меҳр товланиб, иссиқ бағрига босади. Фарзандининг юрак урушини, нафас олишини эшитиб, кўнгли яйрайди. Ҳали ўзлигинида англамаган бу чақалоқ эса пешонасига нималар ёзилгани ёлғиз Тангрига аён.
Ана шу фарзанди ила кўзи қувнаб, юраги яйраб, мақтанади: "Болагинам катта бўлиб қолди" дейди. Атак-чечак қилиб қадам ташлаган чоғи севинчини еру-кўкка сиғдира олмайди. "Боғчага берсаммикан" деб ўйлайди...
Қўлига сумкасини тутиб эса: "Мактабга кетаяпти" дейди фахр билан. Ахир бола онанинг бахти, бойлиги, кўзининг оқу-қораси.
Она бир умрга болам дейди, болам деб яшайди. Балки боласи шўхдир, чопқирдир. Кўриниши оқдир, қорадир. Балки фарзандининг нуқсони бордир, балки дудуқдир. Барибир у она. Онага боласини ёмон деманг. Кўнгли йиғлайди.
Қора қўнғиз ҳам боласини эркалаб-суяди. Уясига емиш келтиради, қорнини тўйдиради. Тунлари уни аллалайди: "Оппоғим, оппоғим"...
Типратикон боласи учун ўрмалаб-ўрмалаб, дон-дун судраб келади, боласини боқади. Тунлари аллалаб ухлатади: "Юмшоғим, юмшоғим"...
Она чумоли тиним билмайди, доим инига дон ташийди. Боласини ўйлайди, қоронғу тушгач уни эркалаб, аллалайди: "Полвоним, полвоним"...
Ҳақиқат шуки, илоннинг ҳам чаённинг ҳам боласи бор. Улар ҳам ўз болаларини бағирларида авайлаб, эҳтиётлаб, улғайтиришади.
Бола-болада, билмаса, ўргатиш, адашса, кўрсатиш зарур. Майли, отасига ёмон денг, бобосига ёмон денг, ҳаммага ёмон денг, фақат онасига ёмон деманг, қадри йиғлайди.
Бу ҳаётда мезбон йўқ, барча меҳмон. Борар жой аниқ, сўнгги манзил аниқ. Она қабри узра туриб ҳам боласини ёмон деманг, қабри йиғлайди.
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|