№50, 10.12.2015 "БОЛАЛАРГА МИЛЛИЙ ҚЎҒИРЧОҚЛАР"
ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА КЎПЛАБ ҚИЗЛАР ҲУНАР ЎРГАНДИЛАР
Ўтган ҳафтада "Иқбол" газетаси таҳририятида "Болаларга миллий ўйинчоқлар" лойиҳаси доирасида "Ҳунар инсонни улуғлайди" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида сўз олган газета муҳаррири Ф. Ибайдуллаев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлими раҳбари У. Аҳмедов, вилоят хотин-қизлар қўмитаси вакили Т. Тожибоева, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракат вилоят бўлими вакили О. Тожиаҳмедовалар юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, ёшларнинг ҳунар ўрганишлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳамда мазкур лойиҳанинг аҳамияти хусусида гапирдилар.
Маълумки, жорий йилда "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Болаларга миллий ўйинчоқлар" лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади, аҳоли, айниқса, ёшлар ва болалар ўртасида миллий қўғирчоқларимиз тарғиботини кучайтириш, қизларни қўғирчоқ тайёрлаш ҳунарига ўргатиш орқали уларга қўшимча даромад топиш, оиласига иқтисодий кўмак бериш имкониятини яратишдир. Ана шу мақсадда "Иқбол" газетаси таҳририяти қошида уч ойлик ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув курсига грант маблағлари ҳисобидан компьютер, тикув машинаси, зарур жиҳоз ва хом ашёлар сотиб олинди. Ҳунар ўрганишга қизиқадиган, миллий қўғирчоқлар тайёрлашни ўрганишга иштиёқи бор кўплаб қизлар миллий қўғирчоқлар тайёрлаш устаси, ҳунарманд Сайёра Жўраева раҳбарлигида курсда таҳсил олдилар.
- Мен ушбу курсда таҳсил олиб, миллий қўғирчоқлар тайёрлашни ўрганиб олдим, - дейди Жалақудуқ тумани, Ойим шаҳарчасида яшовчи Мадинабону Муроджонова. - Энди уйда сингилларимга, маҳалламизнинг жажжи қизчаларига ана шундай қўғирчоқлар тайёрлаб бериб, уларни хурсанд қилишим мумкин. Қолаверса, ўрганган ушбу ҳунарим келажакда албатта менга асқотади, деб ўйлайман.
Тадбирда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳамда "Микрокредитбанк" вилоят бўлимлари мутахассислари иштирок этиб, битирувчи қизларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, бизнес-режа тузиш, кредитлар олиш тартиблари тўғрисида кенг тушунчалар бердилар.
- Ҳунармандлар, айниқса, ёш ҳунармандларнинг кредит олиш бўйича мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмайди, - дейди "Микрокредитбанк" вилоят бўлими кредит бўлими мутахассиси Неъматжон Камолов. - Малакали ишлаб чиқилган бизнес-режа ҳамда кредит олиш бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар тақдим этилса, банк албатта, бу масалани ижобий ҳал этишга ҳаракат қилади. Чунки, ҳукуматимиз томонидан миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилаётган бугунги кунда мазкур йўналишга кредитлар ажратиш ҳам банкимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш юзасидан берилган маълумотлар тадбирда қатнашган ёш ҳунарманд қизларнинг мустақил иш юритиши, келгусида ўз оилаларига қўшимча даромад киритиш борасидаги тушунча, билим ва кўникмаларини бойитди.
Якунда курсни муваффақиятли тамомлаган бир гуруҳ қизларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Умуман, лойиҳа доирасида миллий қўғирчоқлар тайёрлаш борасида муайян билимларга эга бўлган 50 нафар қиз махсус сертификат соҳибига айландилар.
Хосиятхон СИДДИҚОВА.
|