Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№7, 11.02.2016

14 ФЕВРАЛЬ - ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

БОБУРНИ ЁД ЭТИБ...

Юртимиз тарихида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, улуғ шоир, географ, тарихчи, давлат арбоби, буюк саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур алоҳида ўрин тутади.

Бобур отаси изидан бориб, машҳур Сўфий Ҳожа Аҳрорга ихлос қўяди, унинг тариқати йўлида вояга етади, умрининг охиригача эътиқодига содиқ қолади. Кейинчалик у ўзининг "Бобурнома" асарида Ҳожа Аҳрор руҳи уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизликдан халос этганини таъкидлаб ўтади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур йирик давлат арбоби, моҳир лашкарбоши бўлибгина қолмай, балки буюк сўз санъаткори, шоир, адиб ва олим ҳам бўлган. У болалигиданоқ форс ва араб тилларини мукаммал ўрганди, адабиёт, тарих, тилшунослик, адабиётшунослик, мусиқа каби қатор соҳаларни чуқур эгаллади, ҳар томонлама кенг дунёқарашли ва салоҳиятли, маданиятли ва маърифатпарвар инсон бўлиб етишди.

Мирзо Бобур 18-19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини қўмсаш, она юрт тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёр дийдори ва соғинчи, тақдир зарбалари, турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нолалар ўзига хос бадиий кўринишларда ифода этилади.

Бобур Лутфий ва Навоий сингари сўз санъаткорларининг поэтик маҳоратидан таълим олиб, уларнинг анъаналарини давом эттирган ва ривожлантирган ижодкорлардан биридир. У образларининг самимийлиги ва табиийлиги билан ўқувчини ҳайратда қолдирувчи, бадиий содда, равон, тили бой ва рангдор шеърлар яратди. Ижодидаги ўй ва фикр, ҳис ва туйғу, тасвир ва тавсиф, сўз ва мусиқийлик бир-бири билан узвий боғланиб боради.

Бобурнинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида ёрнинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одоб-аҳлоқи равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади. Унинг лирик девонлари, "Бобурнома", "Муфассал", "Хатти Бобурий", "Харб иши", "Мусиқий илми" каби асарлари ўзбек адабий тили, адабиёти ва илм-фанининг равнақ топишига бебаҳо ҳисса қўшди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-адабий мероси ҳозир ҳам ўзининг маълум тарихий-маърифий, илмий ва эстетик қимматини сақлаб келмоқда.

Юртимизда буюк бобомиз хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодини кенг тарғиб этиш йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги тантанали нишонланди. Вилоятимизда Бобур номидаги театр, миллий боғ, кутубхона ташкил этилди. Кўчалар ва маҳаллаларга улуғ намоёнданинг номи берилди. Ҳатто, бизнинг илм даргоҳимиз ҳам Бобур номида эканлиги қалбимизни фахрга тўлдиради.

Мирзо Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Халқаро Бобур жамоат фонди бу борада катта ва салмоқли ишларни олиб бормоқда. Фонднинг ташаббуси билан улуғ шоирнинг ҳаёти ва ижоди, қолдирган ижодий мероси ҳақида кўплаб асарларнинг дунёга келгани фикримизнинг далилидир.

Улуғ ватандошимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш биз - ёшларнинг вазифамиздир.

Моҳинур АБДУРАҲМОНОВА,

АДУ филология факультети талабаси.

З. М. БОБУР ҒАЗАЛЛАРИДАН

Қаро зулфинг фироқинда

Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,

Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,

Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.

Чархнинг мен кўрмаган

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!

Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,

Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,

Энди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,

Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди