№12, 17.03.2016 Наврўз мушоираси
БАҲОР
Шафтоли шохида бир қуш сайрайди,
Ҳаётни олқишлаб, гулни олқишлаб.
Қишдан омон чиққан тани яйрайди,
Баҳорни олқишлаб, кўнгилни хушлаб.
Қуёш нурларидан арғимчоқ солиб,
Гулдан - гулга қўниб, бол ари тинмас.
Қув - қув нағма созин қўлига олиб,
Куйлайди, шодлиги кўксига сиғмас.
Чумоли инидан мўралар аста,
Ялпиз ифорини туйиб димоғи.
Йўлига майсалар, гуллар пайваста,
Ҳалол ризқ рўзга тўлар қучоғи.
Малика капалак ҳарир либосда,
Енгил парвоз этиб, бахтин излайди.
Умри қисқа, аммо дили ҳавасда,
Олис - олисдаги тахтни кўзлайди.
Ўн саккиз минг жонни уйғотган баҳор,
Айланай файзиёб қадамларингдан.
Ўтиниб сўрайман ҳар тонг, ҳар наҳор,
Бебаҳра этмагин илҳомларингдан.
Фаридахон ҲОШИМОВА,
Жалақудуқ тумани.
НАВРЎЗИ ОЛАМ БИЛАН
Яшнаб кетар чексиз фалак, наврўзи олам билан,
Ясанишиб боғлар ҳалак, наврўзи олам билан.
Бодом кийиб гулдан либос, маст айлагай ифори,
Табиатни буркар алак, наврўзи олам билан.
Ҳар дардга мос шифо бўлиб, момолар дуосидан,
Дошқозонда сумалак, наврўзи олам билан.
Ўз орзусин хатга ёзиб, боғлашиб қанотига,
Болалар учирар варрак, наврўзи олам билан.
Турфа хил гуллардан тўшаб, қир - адирга пояндоз,
Ерга само сочар безак, наврўзи олам билан.
Лолақизғалдоққа боқинг, ҳаёдан олвон юзи,
Қизларимиз яйрар бешак, наврўзи олам билан.
Яратмоқлик илинжида сепилади дону - дунлар,
Ишга тушиб кетмон - курак, наврўзи олам билан.
Бош кўтариб чучмомалар, майсалар солиб тўшак,
Кўкларга бўй чўзар терак, наврўзи олам билан.
Шукуҳию шуурини шеър қиладир шоирлар,
Атроф гўзал, борлиқ бўлак, наврўзи олам билан.
Келинчакни эслатадир, ёшариб бу табиат,
Ҳаяжонда жўшар юрак, наврўзи олам билан.
Саҳий офтоб нури ила, қут - барокат ёғади,
Устимизга челак - челак, наврўзи олам билан.
Баҳодир ҳам қаламини қўлдан қўймас бир лаҳза,
Дафтарига шеъри безак, наврўзи олам билан.
Баҳодир АНДИЖОНИЙ.
БАҲОР КЕЛДИ
Баҳор келди яна майгун
чаман атри димоғларда,
Яна шоду суҳандондир
ёниб булбул бутоқларда.
Баҳор шавқидан уйғондим
табиат эҳтиром айлар,
Башар шарҳи қўшиқ бўлмиш
тиниқ, уйғоқ булоқларда.
Чопиб тошларда оҳулар,
оқиб сойларда ҳам сувлар,
Кулиб лабларда кулгулар,
қизармиш лола тоғларда.
Нигоҳ ташлаб кўнгилларнинг
қатига сурмаранг кўзлар,
Қилиб жоду ўзига ром
етаклар дилни боғларда.
Элим хурсанд алам билмас,
замонам соз, завол билмас,
Фалакнинг ҳасратин чекмас,
умр ўтмас фироқларда.
Келингиз аҳли дўст бу дам,
безанмиш гул бўлиб олам,
Қилайлик сайр бўлиб ҳамдам
севинч қалқиб ёноқларда.
Терайлик, Акрамий, гуллар
қуримий баргида шабнам,
Муҳаббатли кўнгилларга
берайлик гул қучоқларда.
Акрамжон ҲАМРАҚУЛОВ,
Пахтаобод тумани.
АЁЛНИ ЭЪЗОЗЛАНГ
Аёл - у онадир, севимли ёрдир,
Нозик жуссасида минг ташвиш бордир.
Аёлни эъзозланг, ўкситманг уни,
Аёлсиз ҳеч кимнинг шод ўтмас куни.
Аёлсиз чақалоқ йиғламас уйда,
Жозиба бўлмайди қўшиқ на куйда.
Аёлку фарзандин ардоқлаб суйган,
Ёстиқдоши учун юракдан куйган.
Бири олимадир, бири шифокор,
Кучлидир диёнат, номус ила ор.
Ложувард осмонга қўли етмоқда,
Эрки, ўзлигини кўз-кўз этмоқда.
Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,
Булоқбоши тумани.
МЕҲРИ УММОНЛИГИНГ ОНАМГА ЎХШАР
Қишнинг, қаҳратоннинг бағрини ёриб,
Баҳор, узук тақдинг боғлар қўлига.
Ҳар инсон қалбининг қаърига бориб,
Кўм - кўк зийнатларинг сочдинг йўлига.
Бирма-бир ғамларни териб диллардан,
Шодликлар улашиб учиб келяпсан,
Бугун қувонч, шодлик кулар кўзлардан,
Танга хуш ёқар сабо бўлиб еласан.
Қуёшнинг нурида тобланиб юрак,
Сени мадҳ этишдан сира тўймайди.
Кўклам, келин кўйлак бўлсин муборак,
Қучоғингдан сира кетгим келмайди.
Баҳорим, бунчалар илиқдир тафтинг,
Меҳри уммонлигинг онамга ўхшар.
Куртакни эркалар бу гўзал кафтинг,
Қалбим ёдинг ила шодумон яшар.
Эй кўклам, абадий қолсайдинг қани,
Илҳомнинг йўлига ҳеч зор бўлмасдим.
Сендан ўзга дўстим йўқдир ҳеч мани,
Кўклам, сени куйлаб сира толмасдим.
Ибодат ХАЙИТБОЕВА.
БАҲОР ҲИССИ
Кўзларимни юмдим бир лаҳза
Сездим баҳор тароватини.
Шабодада ўйноқи ғамза,
Олар хаёл халоватини.
Бойчечак интилар қуёшга,
Тоғни безар лолалар кулиб.
Шамолнинг шўх - шодон куйига,
Хиром айлар табиат тўлиб.
Куртаклар безаган дарахтни,
Кўради кўзларим ошиқиб.
Майин кўкка интилар майса,
Севинар қалбимни маст қилиб.
Офтоб нурин сочар беомон,
Севинганча келар қалдирғоч.
Гуллар ҳидин сочади ҳар ён,
Кутган каби мўъжиза дилим.
Маликахон МЎЙДИНОВА,
Андижон педагогика коллежи ўқувчиси.
БОЛАЛИГИМ,
СЕНИ СОҒИНДИМ
Қувончим кўксимга сиғмайди бу кун,
Болалик наздимда чақнаган учқун,
Ўн етти баҳорим қутлайди бугун,
Болалигим, сени соғиндим жуда.
Олисдаман, тезроқ менга етиб ол,
Дуркун ёшлигимга бир бор назар сол,
Сендан илтимосим, мен-ла қолақол,
Болалигим, сени соғиндим жуда.
Жажжи кўйлагимни қўлимга олиб,
Боғчам деворига бир назар солиб.
Сен-ла суҳбат қурай ёнингда қолиб,
Болалигим, сени соғиндим жуда.
Сени ўйлаб ширин хаёл сурарман,
Сен учун бетакрор қаср қурарман,
Сени ҳар он, мудом эслаб турарман,
Болалигим, сени соғиндим жуда.
Мадинабону АСЛИДДИНОВА,
Балиқчи тумани.
ТАЪЗИМ ГЎЗАЛ БАҲОРГА
Баҳор келди обод юртимга,
Яшил либосга бурканди олам.
Гуллар атрин сочар борлиққа,
Қирларга тўшалди қизил гилам.
Гўзал табиатга бўлиб маҳлиё,
Қалблар тўлди шодлик, қувончга.
Қуёш нуридан баҳра олиб дунё,
Таъзим қилар гўзал баҳорга.
Мафтуна ИБАЙДУЛЛАЕВА,
Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби ўқувчиси.
|