№34, 18.08.2016 Шеърият гулшани
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА
Мустақиллик кўкрагимга теккан шамол,
Юракларга эрк байроғин экдинг, Ватан.
Шу кунларга етгунча биз кўрдик завол,
Унут бўлмас заҳматларни чекдинг, Ватан.
Ким эдигу ким бўлдик бир солсак назар,
Бу шунчаки йўл ҳам эмас, ошдик довон.
Ўзлигимиз топдик, орзу келди самар,
Ўз халқига ишонч бўлди одил султон.
Одимларинг поёнига етмас ҳали,
Келажакка эндигина қилдик сафар.
Баланд-баланд чўққиларни забт этамиз,
Фарзандларинг кўкни кўзлаб қанот ёзар.
Беминнат бир маконим йўқ сендан ўзга,
Хизматдаман то абад жон бўлса омон.
Қуллуқ қилай, тупроғингни суртай кўзга,
Мангу озод бўлгин, она Ўзбекистон!
Шоҳсанам ЭРГАШЕВА,Асака тумани.
ҚАЧОН КЕЛАСАН?
Юрагим йиғлайди соғинчда ёниб,
Кўзларим интизор йўлингни кутиб,
Ҳар тонг суратингга боқаман тўйиб,
Айт, қачон келасан меҳрга тўлиб?!
Интизор кўзларим висолга эмас,
Қайноқ меҳринг қўмсаб, умидим сўнмас,
Юрагим соғинган ҳеч тинчлик бермас,
Айт, қачон келасан меҳрга тўлиб?!
Сенга ошуфтаман туйғуларим-ла,
Сен борсан шодман хаёлларимда,
Яна ўша нидо саволларимда,
Айт, қачон келасан меҳрга тўлиб?!
Тонгларим отади сенинг номинг-ла,
Кунларим ўтади сенинг ёдинг-ла
Майли қайда бўлма, шукр борингга,
Лек қачон келасан меҳрга тўлиб?
Наргиза МУҲАММАДСИДДИҚОВА,
Марҳамат тумани.
АРМОН МУҲАББАТ
Наҳот қисматимиз шунчалар қаро?
Муҳаббат йиғлайди икки дил аро,
Тақдир йўлларимиз тушди-ку айро,
Сиз ўзгага ёр-у, мен ўзгага ёр.
На қилай шу бўлса тақдирда бори?
Севгимиз энди қай кўнгилнинг зори,
Балки бизни тутди ишқнинг уволи,
Сиз ўзгага ёр-у, мен ўзгага ёр.
Дердилар: дардларга дармон муҳаббат,
Вафо излаганга ёрдир садоқат,
Афсус қалбимизда қолди-ку нафрат,
Сиз ўзгага ёр-у, мен ўзгага ёр.
Нигора ЮНУСОВА.
ЖОНИМ ҲАЛАК
Сув деб айланади бу чархпалак,
Гулларга ошиқдир капалак,
Сўзларимни тинглар бир юрак,
Менман ўша бир жони ҳалак.
Алдансам ҳам сиз деб майлига,
Озор бериб мендек Лайлига,
Чорламайсиз севги сайлига,
Менман ўша бир жони ҳалак.
Майли, энди ортга бир боқманг,
Юрагимга ишқ ўтин ёқманг,
Кўзларимга қуёшдек ботманг,
Лек мендирман бир жони ҳалак.
Шоира ҚОСИМОВА,
Асака тумани,
Ахтачи қишлоғи.
БУЛУТЛАР
Феруз осмонларнинг қатида,
Мусаффо ва булутлар гўзал.
Мусаввирлар чизгандай гўё,
Гўё шоир ёзгандай ғазал.
Кўкда оппоқ булутлар рақси,
Сокин куйлар чорлар ижодга.
Мўъжизадек бўлиб намоён,
Чирой бахш этади ҳаётга.
Муслима ҚУРБОНАЛИЕВА,
Андижон шаҳри.
ПОК НИЯТ
Доимо шукурлар қилайлик бизлар,
Шундайин қудратли юртда туғилдик.
Мақсадли парвозлар тилайлик бизлар,
Камолот сафида, дўстлар йиғилдик.
Илмга чанқоқмиз биз - оқил ёшлар,
Фақат дилдан ёниб яшамоқ керак.
Камалак сафида улғайдик илк бор,
Камолот сафига чорлайди юрак.
Раққоса, тикувчи ёки хунарманд,
Кимда қайси касбга бўлса иқтидор.
Интилсин, ниятни қилиб сарбаланд,
Доимо қўлловчи Юртбошимиз бор.
Дўстларим, кибрдан бўлайлик нари,
Устозлар ундаган манзилга етиб.
Йўллар равон бўлсин орзулар сари,
Ватаним номини қалбга жо этиб.
Лолахон Шокиржон қизи.
СИРДОШ
Юракдаги пинҳон сирларим,
Шамолларга айтмоқчи бўлдим.
Барча дард-у хавотирларим,
Баён айлаб, қайтмоқчи бўлдим.
Дедиларки: биз шўҳ, беқарор,
Тинглолмаймиз оҳ-зорларингни.
Дала-даштда кезиб ёз, баҳор,
Сақлолмаймиз асрорларингни.
Само узра сузар тўлин ой,
Сирдош қилиб олай ўзини.
"Бағрим сирга тўлган дея, ҳой",
Булутлар-ла тўсди юзини.
Хаёлларга чўмиб мен узоқ,
Топдим содиқ дўстни ниҳоят.
Олиб қоғоз, қаламни шундоқ,
Кўнглим очдим, сенга шеърият.
Машрабхон АБДУЛЛАЕВА,
Избоскан тумани.
ВАТАН - МЕНИНГ БОРЛИҒИМ
Ватан - менинг борлиғим,
Сен борсанки, мен борман.
Қалбимдаги офтобим,
Меҳрингдан бахтга ёрман.
Нигоҳимга қадалган,
Кўркам, хушрўй жамолинг.
Орзуларим парвози,
Бўй кўрсатар камолинг.
Қучоғингга отилсам,
Уфурар бахтнинг иси.
Шукронадан яралган,
Юракда ҳурлик ҳисси.
Севгимни этмам аён,
Тилим ожиз, лол ақлим.
Сенга бўлган ишқим-ла,
Яратган мени Тангрим.
Зуҳра АЛИЖОНОВА,
Андижон педагогика каллежи ўқувчиси.
ПОРЛОҚ ЙЎЛДА КУТГАНИМ, ВАТАН
Илдизларим чирмашиб кетган,
Кўксинг қаъридаги оловга.
Бўйим баланд осмонга етган,
Ўзлигимни бермам бировга.
Қўлларимни банд этган қуёш,
Юлдузларни сочга иламан.
Шижоатлар тутиб қўлингдан,
Сен-ла юксакликка бораман.
Порлоқ йўлда кутганим, Ватан,
Кетаяпман шодликка тўлиб.
Кўзларингда яшадим мен ҳам,
Йўлга чиқдим ўчмас из бўлиб.
Сарвиноз Султонова,
Хўжаобод тумани.
ЯХШИ БЎЛИШ ЯХШИДИР
Гўзал бўлиш яхшидир, агар қалб гўзал бўлса,
Ошиқ бўлиш бахт эрур, агар ёр вафо қилса.
Доно бўлиш яхшидир, сўзида маъно бўлса,
Олим бўлиш яхшидир, фойдаси элга тегса.
Боқса душманга тикка ботир бўлиш яхшидир,
Содиқ бўлиш яхшидир Ватанга хизмат қилса.
Она бўлиш саодат, фарзандлари кўп бўлса,
Ота бўлиш ҳам омад, оила ғамин еса.
Фарзанд бўлиш яхшидир, одоби бўлса бутун,
Инсон бўлиш яхшидир, иймони турса устун.
Яхши инсон яхшидир комилликка интилса,
Меҳр тўлган қалб билан ҳаётда яшаб ўтса.
Сапурахон ҒАНИЕВА,
Андижон компьютер технологиялари
коллежи ўқитувчиси.
БЕВАФО ЁР
Суратим акс этмас, сенинг кўзингда,
Хаёлинг боғида қандайин гул бор?
Маънолар топилмас айтган сўзингда,
Алдамоқ осон-му эй, бевафо ёр?
Ишқнинг саҳросида ёлғиз қолдирдинг,
Кўзларим йўлингда бўлдим интизор.
Орзулар бағрида бахтим сўндирдинг,
Алдамоқ осон-му эй, бевафо ёр?
Абадий бўлмайди бизнинг севгимиз,
Нетасан бу ишққа айлаб умидвор.
Бахтли бўлолмаймиз афсус иккимиз,
Алдамоқ осон-му эй, бевафо ёр?
Розия АҲМАДЖОНОВА.
ҚУЁШ
Эрта тонгдан қуёш бобо,
Нур сочар азиз ерга.
Деҳқон шошиб боради,
Дон ва буғдой - далага.
Қуёш илиқ нури-ла,
Бизга салом беради.
Қай одамга боқмасин,
Жилмаяди, кулади.
Ҳар ким унинг тафтидан,
Хузур топгай ва ором
Яна тун ўтиб қуёш,
Бизларга берар салом.
Муслима БУРХОНОВА,
Андижон туманидаги 43-умум-
таълим мактаби ўқувчиси.
КЕКСАЛАР РАШКИ
Ҳатто етмишида, ғайрат қилган чол,
Айтинг, бедавога айланармиди?
Кампирин тилидан томади-ку бол,
Ўзга ёр ишқига шайланармиди?
Қари кампирвойнинг рашклари бисёр,
Кўчага чиқса ҳам дейди "бевафо".
"Кексайган чоғимда қилиб мени зор,
Бу не кўргуликдир, яна не жафо?
"Ҳой, кампир, бу ишлар менга бегона,
Энг гўзал парига алишмам сени.
Ҳамон ишқингда-ку менман девона,
Қанча қасам ичай, хоҳлайсан нени?
Сенинг ўзинг севгим, сен сарвинозим,
Сени кўрмай қолсам дилим вайрона.
Сенсан қизил гулим, сен дилнавозим,
Икки дунё сен-чун менман мастона".
Шунда ойдек тўлиб кетади кампир,
Дилидан ғубор, йўқолар ҳижрон.
Иккови яқинлаб келишиб бир-бир,
Лаб буриб қўйишар, кулишиб пинҳон.
Одилжон ХУДОЙБЕДИЕВ.
|